ҚИЗИҚАРЛИ ИҚТИСОДИЙ АНЖУМАН БЎЛИБ ЎТДИ

28/06/2019 - 20:00 9929

Маълумки, ҳозирда мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли жадал ислоҳотлар, янгиланишлар Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев томонидан тасдиқланган, “2017 - 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” асосида олиб борилмоқда.

Бугун пойтахтимизнинг “Интернейшенл” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача бўлган инвестиция ва саноат сиёсати стратегиясини муҳокама қилиш бўйича ташкил этилган “Давра суҳбати” ҳам айнан шу олиб борилаётган ислоҳотларнинг ажралмас қисми ҳисобланади.

Тадбир Олий Мажлис Сенати, Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги, Ўзбекистондаги БМТТД ваколатхонаси томонидан ташкил этилди. Давра суҳбати Сенат аъзолари, Қонунчилик палатаси депутатлари, Вазирлар Маҳкамаси, халқаро ташкилотлар, вазирлик ва идоралар вакиллари, ҳокимларнинг инвестициялар масалалари буйича ўринбосарлари, мамлакатимиз ва хорижий консалтинг компаниялари, илмий-тадқиқот муассасалари, бизнес-ҳамжамият экспертлари, шунингдек оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида ўтказилди.

Асосан, ушбу тадбирда ўрта муддатли саноат ва инвестиция сиёсати стратегияларини ишлаб чиқишда қуйидаги устувор йўналишлар инобатга олинди.

Биринчидан, макроиқтисодий институтларни кучайтириш орқали макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш. Бунда, инфляцияни пасайтириш ва барқарор нархларни таъминлаш, макроиқтисодий маълумотларни чоп этиш жараёнини тезлаштириш, узоқ муддатли ривожланиш Концепциясини ишлаб чиқишга (Концепция-2030) алоҳида урғу берилмоқда.

Иккинчидан, жаҳон амалиётига мувофиқ янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексини қабул қилиш орқали солиқ ислоҳотларини якунига етказиш. Бунда, давлат харажатларини ўрта муддатли бюджетлаштиришни ва халқаро амалиётга мувофиқ давлат бюджети лойиҳасини қонун шаклида тасдиқлаш тартибини жорий қилиш, солиқ органлари ва солиқ тизимининг фаолиятини такомиллаштиришга эътибор қаратилади.

Учинчидан, давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнларини жадаллаштириш орқали иқтисодиётда давлат иштирокини кескин камайтириш масалалари. Бунда, энергетика, транспорт, авиация каби тармоқларни қайта ташкил қилиш орқали давлат бошқаруви соҳасидаги институционал ислоҳатларни жадал олиб бориш эътиборимиз марказида бўлиб турибди.

Тўртинчидан, молия бозорларини такомиллаштириш ва ривожлантириш вазифалари. Бунда, банк секторида давлат улушини босқичма-босқич қисқартириш, молия регуляторининг автономлигини кенгайтириш, молиявий хизматлар қамровини ошириш йўналишида чоралар кўрилиши режалаштирилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, иқтисодиётга тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилишда муҳим ўрин эгаллайди.

Бешинчидан, иқтисодиётдаги таркибий ўзгартиришларни давом эттиришда энг аввало, саноат таркибини диверсификация қилиш, ички хом-ашёни чуқур қайта ишлаш орқали юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришга урғу берилади. Уларни ташқи ва ички бозорларда рақобатбардошлигини таъминлаш орқали қайта ишлаб чиқарадиган саноат улушини ошириб бориш асосий вазифалардан бири экани таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, иқтисодиётнинг барча соҳаларида ахборот технологияларини кенг жалб этиш орқали, “рақамли иқтисодиётни” жадал ривожлантириш, “Индустрия 4.0” (тўртинчи саноат инқилоби) ни иқтисодиётда жорий қилиш вазифаси диққат марказда бўлиб қолиши ҳам таъкидланди.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йилгача мўлжалланган инвестиция сиёсати айнан мамлакатда инвестиция фаолиятини кучайтиришга, тегишли муҳитни яхшилашга қаратилган. Ҳужжат халқаро тажрибани, инвестиция жараёнларини ривожлантириш тенденциялари ва муаммоларини, республика иқтисодиётини, унинг тармоқлари ва ҳудудларини таҳлил килиш асосида ишлаб чиқилган. Тўғридан-тўғри инвестициялар, шу жумладан давлат-хусусий шериклик, давлат инвестициялари ва корпоратив қимматли қоғозлар билан киритиладиган инвестициялар 2025 йилгача инвестицияларнинг асосий манбалари бўлиши кўзда тутилди. Амалга оширилаётган ва истиқболдаги янги инвестиция лойиҳалари доирасида 2019-2025 йилларда  80   млрд. АҚШ долларидан ортиқ микдорда номарказлаштирилган инвестицияларни ўзлаштириш режалаштирилган. Бунда уларнинг қарийб 30 фоизи корхоналарнинг ҳз маблағлари ҳисобига молиялаштирилади.

Юкорида қайд этилган чора-тадбирлар амалга оширилиши натижасида ЯИМнинг асосий капиталига инвестициялар улуши 2018 йилдаги 22 фоиздан 2025 йилда  28-30 фоизга ошиши кутилмоқда. Бунда 2025 йилда жалб қилинган тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажми 2018 йилдаги 1,8 млрд. АҚШ долларига нисбатан 6,7 млрд. АҚШ долларини ташкил этади.

Муҳокама чоғида Ўзбекистонга хорижий капитални жалб килиш соҳасидаги муҳим муаммолар ва уларни ҳал килиш буйича ишлаб чиқилаётган чора-тадбирларга тўхталинди. Бизнес-ҳамжамият ва консалтинг компаниялари вакиллари ҳам муҳокама этилаётган масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарларини билдиришди. Шунингдек, мамлакат ҳудудлари иктисодиётига инвестицияларни жалб қилишнинг ҳуқуқий асослари ва механизмларини, усулларини такомиллаштириш юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки, давра суҳбатининг асосий мавзуси ишлаб чиқилаётган Стратегия мақсадлари ва вазифаларини, Ўзбекистон давлати томонидан амалга оширилаётган инвестиция сиёсатининг асосий устувор жиҳатларидан кенг жамоатчиликни хабардор қилиш, қолаверса фикр алмашиш ҳамда тегишли тавсиялар ишлаб чиқишга қаратилгани билан эътиборлидир.

Қуйида ушбу тадбирда Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги томонидан тақдим этилган саноатни ривожлантириш концепцияси ва инвестиция стратегияси лойиҳаларининг асосий мазмун-моҳиятини ўзида қамраб олган умумлаштирилган нусхалари тақдим этилмоқда.

Вазирлик Ахборот хизмати

Узбекистан Республикасининг инвестиция ва саноат сиёсати стратегияси концепцияси 2025 йилгача

Основные направления концепции развития промышленности Республики Узбекистан до 2025 г.