Истиқлол йилларида солиқ сиёсатида олиб борилган рағбатлантириш тамойиллари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш борасидаги белгиланган чора-тадбирлар ва эришилган натижалар
08/08/2013 - 14:06 11227
Ўзбекистонда мустақиллик йилларида танланган иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг ўзбек модели, Президентимиз Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган самарали сиёсат бутун дунёда тан олинмоқда ва ижобий тажриба сифатида ўрганилмоқда.
Хусусан, Президентимиз «Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳасини ривожлантирмасдан, унга тегишли кўмак ва рағбат бермасдан, зарур имконият, имтиёз ва преференциялар яратмасдан туриб, биз иқтисодиётимизнинг келажагини таъминлай олмаймиз», деб таъкидлаганлар.
Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан мамлакатимизда тадбиркорлик юритиш учун ҳар томонлама қулай бўлган бизнес ва инвестиция муҳитини яратиш, шу жумладан ҳуқуқий-меърий базани такомиллаштириш, кичик бизнес субъектлари ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилаётган имтиёз ва енгилликларнинг яхлитлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш ва юритишда юзага келаётган бюрократик ғов ва тўсиқларга барҳам бериш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Жумладан, «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ги қонун лойиҳаси тадбиркорликни ривожлантиришни янада рағбатлантириш, тадбиркорлик субъектларининг фаолияти учун катта эркинликлар бериш ва уларни ташкил этишнинг мавжуд тартиботини соддалаштиришга қаратилган. Қонун лойиҳасида тадбиркорлик субъектининг ҳақлиги презумпцияси тўғрисида алоҳида норма киритилган бўлиб, унга кўра тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келадиган барча қарама-қаршиликлар ва ноаниқликлар тадбиркорлик субъектининг фойдасига талқин қилинади, бу эса уларнинг қонуний ҳуқуқлари ва манфаатларини янада кўпроқ ва ишончлироқ ҳимоя қилиш имконини беради.
“Оилавий тадбиркорлик тўғрисида” ги Қонуннинг асосий мақсади иқтисодиётнинг турли соҳаларида оилавий тадбиркорликни кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг муҳим шакли сифатида ривожлантириш учун зарур қонунчилик базасини яратиш, оилавий бизнес учун ҳуқуқий кафолатларни кучайтириш ва янги иш жойларини ташкил этишдан иборат. Қонун билан оилавий корхона иштирокчилари аниқ таърифлаб берилди, уларни рўйхатга олиш ва тугатишнинг аниқ механизми белгиланди, оилавий корхонанинг инфратузилмага уланиши тартиботлари соддалаштирилди. Шунингдек, оилавий корхоналарнинг бухгалтерия ҳисоби ва солиққа тортиш тартиби соддалаштирилган ҳолда амалга оширилиши белгиланди.
“Рақобат тўғрисида” ги Қонуннинг ўзига хос янги жиҳатларидан бири шуки, қонун молия бозорларида монополлашиш, рақобатнинг чекланиши ва устунлик мавқеини суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам бериб, соғлом рақобат муҳити юзага келишини таъминлайди, яъни умуман олганда товар ва молия бозорларидаги рақобат соҳасидаги муносабатларни тартибга солади. Шу билан бирга, давлат бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва юридик шахслар бирлашмаларига рақобатни чеклайдиган ҳужжатлар қабул қилиш ҳамда ҳаракатларни амалга ошириш тақиқланди.
“Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” ги Қонун нормаларига мувофиқ хусусий мулк ҳуқуқи муддатсиздир ва ўз мулкига эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этишнинг муддати белгиланишига йўл қўйилмайди. Мулкдорга била туриб наф келтирмайдиган шартларни мажбуран қабул қилдириш, шу жумладан мол-мулкни, молиявий маблағлар ёки бошқа мулкий ҳуқуқларни топширишни асоссиз талаб қилиш, мулкдорнинг хўжалик фаолиятига ноқонуний аралашиш тақиқланди. Хусусийлаштириш натижаларининг қайта кўриб чиқилиши ва бекор қилинишига тақиқ жорий этилди ва давлат мулкини хусусийлаштириш жараёнида вужудга келган хусусий мулкнинг дахлсизлиги белгилаб қўйилди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожини таъминлайдиган рағбатлантириш тамойиллари – булар солиқ имтиёзлари бериш, соддалаштирилган солиққа тортиш тизимини қўллаш, имтиёзли кредитлаш, солиқ ва бухгалтерия ҳисоботларини давлат солиқ ва статистика органларига тақдим этиш даврийлиги ва муддатларини қисқартириш, солиқ текширувлари ва бошқа текширувларни даврийлигини қисқартириш йўллари билан амалга оширилади.
Тадбиркорлик субъектларини иқтисодий стимуллар ёрдамида қўллаб-қувватлашда солиқ имтиёзлари муҳим роль ўйнайди.
Солиқ имтиёзлари - бу солиққа оид қонунларга мувофиқ солиққа тортиш базасига эга бўлган юридик ёки жисмоний шахсларни тўлиқ ёки қисман солиқ тўлашдан озод қилиш. Бу имтиёзлар Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодекси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармон ва Қарорлари асосида жорий этилади.
Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида кичик бизнес вa xусусий тaдбиркорлик субъектлaрига қуйидаги имтиёзлар берилган. Шулар жумласига:
ягона солиқ тўлови ишлаб чиқаришни модернизациялашга, техник ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, янги технологик жиҳоз харид қилишга, ишлаб чиқаришни янги қурилиш шаклида кенгайтиришга, ишлаб чиқариш эҳтиёжлари учун фойдаланиладиган бинолар ва иншоотларни реконструкция қилиш каби вазифаларга йўналтириладиган маблағлар суммасига беш йил давомида камайтирилади;
ягона солиқ тўловини тўлашдан ногиронларнинг жамоат бирлашмалари, "Нуроний" жамғармаси ва "Ўзбекистон чернобилчилари" ассоциацияси мулкида бўлган, ишловчилари умумий сонининг камида 50 фоизини ногиронлар, 1941-1945 йиллардаги уруш ва меҳнат фронти фахрийлари ташкил этадиган юридик шахслар озод қилинган;
ишлаб чиқарувчи кичик корхоналарга ягона солиқ тўловини ҳисоблаш пайтида, солиқ солинадиган база янги технологик асбоб-ускуналар қийматига беш йил мобайнида, солиқ солинадиган базанинг кўпи билан 25 фоизига камайтириш ҳуқуқи берилган;
ягона солиқ тўловини тўловчи бўлган маҳаллий ишлаб чиқарувчи корхоналар ягона солиқ тўлови тўлаш муддатини давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан бир йил муддатга кечиктириш ҳуқуқига эга.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг «Оилавий тадбиркорлик тўғрисида»ги ЎРК-327-сонли Қонунида:
оилавий корхона иштирокчилари оила яшаб турган турар жойда турар жойларини нотурар жойларга ўтказмасдан фаолият юритиши ва ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни шу жойнинг ўзидан сотишига рухсат этилди;
оилавий корхона иштирокчилари томонидан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар тўлангандан кейин уларнинг тасарруфида қолган фойда солиқ солишдан озод этилиши белгиланди;
оилавий корхона, ўзи ишлаб чиқарган халқ бадиий ҳунармандчилиги ва амалий санъати буюмларини реализация қилишдан олинган тушум бўйича ягона солиқ тўловини тўлашдан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда озод қилиниши белгиланди.
Бундан ташқари:
инвестор билан давлат мулкини бошқариш бўйича ваколатли давлат органи ўртасида тузилган шартномага мувофиқ инвестиция мажбуриятлари сифатида киритилаётган мол-мулк;
телекоммуникациялар тармоқларида тезкор-қидирув тадбирлари тизимининг текин олинган техник воситалари, шунингдек мазкур воситалардан фойдаланишга ва уларга хизмат кўрсатишга доир хизматлар;
объект қийматининг ижарага берувчи томонидан олинган ижара тўловининг бир қисми тарзида қопланган миқдорлари;
су ғ урта шартномалари бўйича су ғ урта товони тари қ асида олинган мабла ғ лар;
реализация қилинадиган товарлар учун олдиндан ҳақ тўлаш тариқасида бошқа шахслардан олинган маблағлар;
мулк ҳуқуқи уларга ўтган пайтга қадар мажбуриятларни қонун ҳужжатларига мувофиқ таъминлаш сифатида гаров ёки закалат тарзида олинган маблағлар ;
муассислар таркибидан чиқилаётганда, шунингдек тугатилаётган юридик шахснинг мол-мулки унинг муассислари ўртасида тақсимланаётганда устав фондига ҳиссалар доирасида олинган маблағлар объект сифатида қаралмайди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 10 апрелдаги «Тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб этилишини рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-4434-сонли Фармони билан хорижий инвесторнинг пул шаклидаги улуши 5 миллион АҚШ долларидан кам бўлмаган янгидан ташкил этилаётган хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 10 йил мобайнида солиқ қонунчилигида ўзгаришлар юз берган ҳолларда, юридик шахслардан олинадиган фойда солиғи, қўшилган қиймат солиғи (товарлар, ишлар, хизматларни реализация қилиш айланмаси), мол-мулк солиғи, ободонлаштириш ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш солиғи, ягона ижтимоий тўлов, ягона солиқ тўлови, шунингдек, Республика йўл жамғармасига ҳамда Таълим ва тиббиёт муассасаларини реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш жамғармасига мажбурий ажратмалар тўлашнинг мазкур корхоналар давлат рўйхатидан ўтиш санасида амал қилган меъёрлари ва қоидаларини қўллашга ҳақли эканлиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 11 апрелдаги «Tўғридан-тўғри хусусий хорижий инвестицияларни жалб этишни рағбатлантириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-3594-сон Фармони билан 2012 йилнинг II чорагидан бошлаб:
Фармон билан белгиланган 20 та йўналишдаги иқтисодиёт тармоқлари ва соҳаларида фаолият юритаётган, Tошкент шаҳри ва Tошкент вилояти истисно этилган ҳолда, республиканинг барча минтақаларида жойлаштириладиган хорижий сармоялар иштирокидаги корхоналарга татбиқ этилиши белгиланди;
вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари, тижорат банклари томонидан хорижий инвесторлар ҳамда хорижий инвестициялар иштирокидаги корхоналарнинг фаолияти билан боғлиқ қўшимча талаблар ва чекловлар ўрнатилиши қатъиян тақиқланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2012 йил 16 июлдаги «Статистик, солиқ, молиявий ҳисоботларни, лицензияланадиган фаолият турларини ва руxсат бериш тартиб-таомилларини тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» ПФ-4453-сонли Фармонига мувофиқ 2013 йил 1 январидан қуйидаги имтиёзлар берилган:
амалда солиқ тўловчилар томонидан тақдим этилаётган 8 та ойлик солиқ ҳисоботларини топшириш муддатлари чораклик қилиб белгиланди;
4 та солиқ тури бўйича ҳисоботларни йиллик тақдим этиш жорий қилинди;
11 та солиқ ва бошқа мажбурий тўловларнинг ҳисобот шакллари бирлаштириш ҳисобига қисқартирилиб, 5 та ҳисобот шаклига келтирилди.
Шу билан бирга, 2012 йил 1 июлдан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан талаб қилиб олинадиган бошқа турдаги 24 та ойлик ҳисобот шакллари бирлаштириш ва умумлаштириш ҳисобига бекор қилинди, 5 та солиққа оид бўлмаган маълумотномаларни топшириш муддатлари йиллик қилиб белгиланди.
Қўшимча равишда, 2011-2013 йиллар давомида мамлакатимизда қулай ишчан муҳитни яратишга қаратилган бир қатор кенг миқёсдаги ислоҳотлар амалга оширилди.
Жумладан:
• тадбиркорлик фаолияти соҳасида давлат бошқаруви органлари томонидан амалга ошириладиган 145 та рухсат беришга доир меъёрлар ва чеклаш хусусиятига эга тартиботлар бекор қилинди;
• тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун таъсис ҳужжатларининг нотариал тасдиқланган нусхаларини тақдим этиш талаби бекор қилинди;
• тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун давлат божи миқдори 2 марта камайтирилди;
• тижорат банкларида миллий валютада ҳисоб рақами очганлик учун кичик бизнес субъектларидан тўлов ундирилмайди;
• маҳсулотларни экспорт қилишда божхона расмийлаштируви учун тўлов миқдори 2 марта камайтирилди;
• кичик корхоналар ва микрофирмалар фаолиятида улар давлат рўйхатидан ўтган санадан бошлаб 3 йил давомида режали солиқ текширувлари ўтказилмайди;
• солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ўз вақтида тўлаб келаётган ҳамда ишлаб чиқаришнинг барқарор ўсишини ва рентабеллигини таъминлаётган кичик бизнес субъектлари фаолияти 3 йил давомида текширилмайди;
• солиқ ҳисоботлари сони йирик корхоналар учун 2,3 марта, кичик корхоналар ва микрофирмалар учун 1,7 марта қисқартирилди;
• тадбиркорлик соҳасидаги 15 та лицензия талаб қилувчи фаолият турлари бекор қилинди;
• хўжалик юритувчи субъектлари учун давлат рўйхатидан ўтгунга қадар устав фондининг бир қисмини шакллантириш талаби бекор қилинди;
• Интернет тармоғи орқали фирма номларини заҳирага олиш тартиботи 4 соатда амалга оширилмоқда;
• банкларда ҳисоб рақами очганлик учун нотариал тасдиқланган имзо намуналарини тақдим этиш талаби бекор қилинди;
• тадбиркорлик фаолияти учун ер участкаларини тақдим этиш ҳамда қурилиш учун рухсатномлар бериш тартиботларининг сони ва муддатлари сезиларли даражада қисқартирилди;
• сув ва канализация тизимларига уланиш учун бериладиган рухсатнома 2 иш куни мобайнида тақдим этилади;
• экспорт-импорт шартномалари тижорат банкларида 1 иш куни мобйнида ҳисобга қўйилади;
• юкларнинг божхона расмийлаштируви ва маҳсулотга келиб чиқиш сертификатини бериш тартиботи 3 иш куни давомида амалга оширилади;
• импорт товарларига мувофиқлик сертификати 10 иш куни давомида берилади;
• импорт товарларининг келиб чиқиш мамлакатини тасдиқлаш тартиботи бекор қилинди;
• акциядорлик жамиятларининг ўзаро манфаатдорлик асосида тузилган битимлари ҳамда бошқа муҳим фактлари ҳақидаги маълумотларни Интернет тармоғида эълон қилиш амалиёти жорий этилди;
• банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш учун хўжалик судларига тўланадиган давлат божи миқдори энг кам иш ҳақининг 20 бараваридан 3 бараваригача туширилди;
• ташқи иқтисодий фаолият соҳасида рухсат бериш хусусиятига эга бўлган 20 дан ортиқ ҳужжат бекор қилинди;
• импорт шартномаларини божхона органларида ҳисобга қўйиш тартиботи бекор қилинди;
• тадбиркорлик субъектларига божхона расмийлаштируви тартиботларини электрон кўринишда амалга ошириш ҳуқуқи тақдим этилди;
• тадбиркорлик субъектлари учун хўжалик судларига даъво ва аризаларни электрон кўринишда киритиш имконияти тақдим этилди.
Мамлакатимиздаги мавжуд бизнес муҳитни янада такомиллаштириш ҳамда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, 2002-2012 йиллар давомида рўйхатдан ўтган кичик бизнес субъектлари сони қарийб 2 баробар ошди.
Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик республикамизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришнинг муҳим бўғинига айланиб бораётганини ушбу соҳанинг 2002-2012 йиллар давомидаги қуйидаги асосий ривожланиш кўрсаткичларига қараб баҳо бериш мумкин:
– кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликнинг ЯИМдаги улуши 2002 йилги 35,5% дан 2012 йилда 54,6%га ошди;
– кичик бизнес субъектларининг саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришидаги улуши 14,1% дан 22,2%га кўтарилди;
– амалга оширилган қурилиш ишларининг 70,7%и кичик бизнес субъектлари ҳисобига тўғри келди (2002 йилда – 41,3%);
– 2002 йилда қишлоқ хўжалик маҳсулотларининг 74,9%и кичик бизнес субъектлари томонидан ишлаб чиқарилган бўлса, 2012 йилга келиб бу кўрсаткич 98,0%га етди;
– 2012 йилда кичик бизнес соҳасида асосий капиталга инвестиция қўйилмалари умумий ҳажмнинг 35,2%ини ташкил этди (2002 йилда – 28,2%);
– мамлакатимиз экспортидаги кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг улуши 7,5% дан 15,8% га ошди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг 1-ярим йиллиги давомида 15,8 минг янги кичик бизнес субъектлари (фермер хўжаликларини ҳисобга олмаганда) ташкил этилди. Ҳисобот даврида ташкил этилган кичик бизнес субъектларининг асосий қисми саноат (умумий ташкил этилганларнинг 28,2 %и), савдо ва умумий овқатланиш (26,8 %), қишлоқ ва ўрмон хўжалиги (15,1 %) ҳамда қурилиш (10,0 %) соҳаларига тўғри келди. Фаолият кўрсатаётган кичик бизнес субъектларининг сони ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 104,6 % га ортди.
Натижада, 2013 йилнинг 1-ярим йиллигида кичик бизнеснинг улуши мамлакатимиз ялпи ички маҳсулотида 43,2 %ни (2012 йилнинг 1-ярим йиллигида 42,6 %), саноатда 22,9 % ни (21,8 %), қишлоқ хўжалигида 98,2 %ни (98,1%) ҳамда аҳоли бандлигида 75,5 %ни (75,1%) ташкил этди.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги
Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси
Ўзбекистон Республикаси Савдо-саноат палатаси