Тадбиркорлик билан шуғулланувчи аёлларни тадбиркорлик йўналишида молиявий саводхонлигини ошириш ва уларга кредитлар ажратиш бўйича маълумот

15/06/2021 - 20:17 3552

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенатининг 2021 йил 24 аперльдаги СҚ-286-IV-сон топшириғининг 3-бандида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги, АТ “Халқ банки”, Хотин-қизлар тадбиркорлик марказлари, “Тадбиркор аёл” ишбилармон аёллар асоциацияси 2021 йилнинг 1-чорагида қуйидаги ишларни амалга оширди:

I. Хотин-қизларни тадбиркорлик қилишга бўлган ташаббуси ҳамда мавжуд ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қонунчилик соҳасидаги ўзгаришлар.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 5 мартидаги “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият ҳаётидаги фаол иштирокини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5020-сонли Қарори асосида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳамда Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги томонидан “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 2021 йилнинг 4 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан ПҚ-5087-сонли Қарор сифатида тасдиқланди.

Шунингдек, таъкидлаш даркорки, Агентлик, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, Савдо-саноат палатаси, Ёшлар ишлари агентлиги, “Ҳунармандлар” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси ёшлар ҳамда хотин-қизларининг бандлигини таъминлаш ҳамда уларни иш билан таъминлаган Тадбиркорларнинг фаолиятини қўллаб-қувватлаш мақсадида “Ишсиз ёшларга бириктириладиган тадбиркорлар ва уста-ҳунармандларга қўшимча имтиёзлар беришни янада қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Вазирлар Маҳкамаси Қарори лойиҳаси ишлаб чиқилиб, давлат идоралари билан келишилган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига киритилди.

Ушбу қарор лойиҳаси асосида жорий йилнинг 21 апрелида Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган “Ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналари фаолиятини ташкил этиш ҳамда ёшларнинг тадбиркорликка оид ташаббусларини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-5088-сонли қарори қабул қилинди.

Шу билан бирга, 2021 йилнинг 27 мартида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида амалга ошириладиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5041-сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу қарор асосида очиқлик ва шаффорликни таъминловчи ҳамда коррупциянинг олдини олишга қаратилган www.oilakredit.uz онлайн платформаси ишга туширилди. Платформада фуқаролар мавжуд давлат дастурлари доирасида кредит олиш учун онлайн ариза бериши, маблағларнинг мавжудлиги ҳамда берилган аризанинг ҳолати бўйича маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Юқоридаги норматив-ҳуқуқий хужжатлар:

- тадбиркорлик субъектлари, хусусан, янги яратилган тадбиркорлик субъектларини ривожлантириш ҳамда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш комплекс тизими яратиш;

- иқтисодиётнинг кичик ва ўрта бизнес субъектлари тоифасини яралишига мустаҳкам асос шакллантириш ҳамда мавжуд ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш;

- тадбиркорликни имтиёз ва преференциялар орқали қўллаб-қувватлаш йўли билан мамлакатда мавжуд ишсизликнинг кўрсатгичларини янада пасайтиришга қаратилган.

II. Хотин-қизларни тадбиркорлик қилишга бўлган ташаббусларини рағбатлантириш, тадбиркорликка ўқитиш ва кредитлаш борасида амалга оширилган ишлар.

Хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали бандлигини таъминлаш бўйича АТ “Халқ банки” масъул этиб белгиланган бўлиб, ушбу йўналишдаги бирламчи ўзгаришлар доирасида Халқ банки юқори бошқарувида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш бўйича раис ўринбосари лавозими жорий этилди.

Жумладан, Бошқарув Раиси ўринбосаридан ташқари, банкнинг

14 та ҳудудий ва 196 та туман филиаллари аёлларни тадбиркорликка жалб қилиш бўйича раҳбар ўринбосари лавозимлари ташкил этилди ва муносиб номзодлар тайинланди.

Республикамиз бўйича 432 781 нафар аёллар “Аёллар дафтари”га киритилган. Халқ банки, маҳаллий ҳокимликлар ва маҳаллалар билан биргаликда аёлларни тадбиркорликка жалқ қилиш масалалари ўрганиб чиқилди ва сўровномалар ўтказилди.

Шунингдек, Халқ банки, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси ўртасида “Аёллар дафтарига” кирган хотин-қизларни ўқитиш мақсадида ўзаро ҳамкорлик қилиш юзасидан меморандум имзоланди ва ушбу меморандумга асосан 26 508 нафар хотин-қизлар ўқитилади ҳамда сертификатлар билан таъминланади.

Хусусан, ушбу Меморандумга асосан, 3 651 нафар хотин-қизлар тадбиркорлик кўникмаларига ўқитилди ва бу мақсадлар учун Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан 1,6 млрд. сўм ажратилди.

Таъкидлаш даркорки, жорий йилнинг 1-чорагида жами 48 329 нафар аёллар ўқитилди ва махсус сертификатлар берилди ҳамда ҳозирги кунда, 2 900 нафар аёллар 48 соатлик ўқув дастури асосида ўқитилмоқда, шунингдек, ўрганишлар натижасида, жами 8 148 нафар аёллар тадбиркорлик фаолияти учун зарур кўникмалари мавжудлиги аниқланди.

Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, 70 мингга яқин хотин-қизлар тадбиркорлик қилиш истагини билдирган ва Халқ банки томонидан хотин-қизларни тадбиркорликка жалб қилиш орқали 2 трлн. сўмллик кредит ажратиш режа қилиб олинган.

Банк томонидан ҳудудларнинг ўзига ҳос ҳусусиятларидан келиб чиқиб, 72 ҳил йўналишдаги “Бизнес режа” лойиҳалари ишлаб чиқилди ва тарқатма материаллар (брошюралар) жойларга етказилди ва ҳозирги кунда, ҳудудлар ихтисослашувидан келиб чиқиб, лойиҳаларни шакллантиришга ва уларнинг ўзларидаги мавжуд бизнес ғояларини амалга оширишга кўмаклашилмоқда.

Бугунги кунга қадар, 49 197 нафар хотин-қизларга 750 млрд. 994 млн. сўмлик кредит ажратиш эвазига тадбиркорликка жалб этилди ва хами 50 минг нафрадан зёд аёлларни бандлиги таъминланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги, АТ “Халқ бунки” ҳамда “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан ҳозирги кунга келиб Республика бўйича тадбиркорлик қилиш истаги бўлган 5 408 нафар аёллар “Фаровонлик сари” лойиҳаси асосида ўқитилиб, сертификатлар тақдим этилмоқда.

Шу билан бирга Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси томонидан 2021 йилнинг 2 июнида “Туризм соҳасидаги тадбиркор аёлларни қўллаб қувватлаш ва иш самарадорлигини ошириш” мавзусида Форум ўтказилди.

Хотин-қизларни тадбиркорликка ўқитиш борасида “Тадбиркор аёл” Ўзбекистон ишбилармон аёллар ассоциацияси билан Тошкентдаги Халқаро Вестминстер университети ҳамкорликда жорий йилнинг 7-19 июнь саналарида Республика бўйича барча тадбиркор аёллар учун ассоциация томонидан малакали мутахассислар иштирокида бизнес ўқув-семинарлари ўтказилиши режалаштирилган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президентининг

2020 йил 13 октябридаги “Аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш тизимини такомиллаштириш ва тадбиркорликни ривожлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-4862-сонли қарорининг ижросини таъминлаш ва аҳолини, айниқса хотин-қизларни тадбиркорликка кенг жалб қилиш ҳамда ўқитиш борасида Ёшлар ишлари агентлиги томонидан жорий йилнинг 1-чорагида қисқа муддатли ўқув курсларида Республика бўйлаб 1 902 нафар хотин-қизлар ўқитилган бўлиб, улардан 263 нафарига 7 175.2 млн. сўм миқдорида кредитлар ажратилган.

Тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан ўз ваколати доирасида 2021 йилнинг январ-март ойларида Республикаи тижорат банклари ҳамда уларнинг ҳудудий бўлинмалари орқали 783 нафар аёл тадбиркорларга 827 202 млн. сўмлик кредитларга 375 444 млн. сўмлик кафиллик хизмати тақдим этилди. Бунинг натижасида Республика доирасида 6 861 та янги иш ўринлари яратилди ва ишсиз аҳоли иш билан таъминланди.

Шунингдек Жамғарма томонидан ўз ваколати доирасида 1 949 нафар тадбиркорларнинг 1 527 860 млн. сўмлик кредитларига 206 909 млн. сўмлик компенсация ажратилди, бу эса ўз навбатида Республика доирасида 10 810 та ишсиз аҳолини янги иш ўрни билан таъминлаш хизмат қилди.

Хотин-қизларни тадбиркорлик соҳасидаги кўникмалар ва билимларга ўқитиш борасидаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳузуридаги ўқув марказлари томонидан жорий йилнинг 1-чорагида 22 317 нафар хотин-қизлар ўқитилди. Бунда мавжуд

8 йўналишдан (тикувчилик ва каштачилик, сартарошлик, қандолат, пишириқ ва пазандачилик, миллий ҳунармандчилик, ахборот технологиялари, психология, аграр соха ва бошқа) тикувчилик ва пазандачилик йўналиши бўйича белгиланган даврда 6 927 аёллар ўқув курсларини тамомладилар.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати