Respublika tarmoqlararo sanoat kooperatsiyasi yarmarkasi

28/04/2021 - 09:28 3701

Жорий йилнинг 22-24-апрел кунлари Навоий вилоятида ўтказилган йирик тармоқлараро саноат кооперацияси ярмаркасида иқтисодиётнинг 60 та йирик тармоқ корхонлари билан бир қаторда саноатнинг турли соҳаларида фаолият юритувчи 600 дан зиёд хусусий тадбиркорлик субъектлари 2000 дан зиёд маҳсулотларининг тақдимоти билан иштирок этдилар. Ярмарка доирасида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали орқали умумий қиймати 421 млрд. сўмдан дан ортиқроқ болган 1336 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари имзоланди.

Тадбирнинг биринчи куни иштирокчилар Навоий вилоятидаги йирик саноат корхоналари – “Навоийазот” АЖ, “Навоий иссиқлик электр станцияси” АЖ, “Навоий” эркин иқтисодий зонаси, “Gidro stanko servis” МЧЖ фаолияти, шунингдек, ҳудуднинг туризм салоҳияти билан яқиндан танишдилар. Шунингдек, Навбаҳор туманидаги “Сармишсой” туристик базаси, қадимий қоятош расмлари, Нуротадаги “Чашма” зиёратгоҳида бўлишди.

Тақдимотда таъкидландики, Навоий кон-металлургия комбинати бугунги кунда маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда кооперация алоқалар бўйича етакчи ўринларни эгаллаб келаяпти. Хусусан, 2020 йилда корхонада умумий қиймати 352,3 миллиард сўм бўлган маҳаллийлаштирилган маҳсулотлар ишлаб чиқарилгани, комбинат тармоқлараро кооперация доирасида маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан 3,5 триллион сўмлик маҳсулот харид қилингани бунинг тасдиғидир. 2021 йилда ҳам комбинатда бу ишлар изчил давом эттирилиб, 154 та лойиҳа бўйича 432,9 миллиард сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот, шу жумладан, 82,0 миллиард сўмлик 71 та янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, шунингдек, жорий йилда саноат кооперация доирасида 3,8 триллион сўмлик импорт ўрнини босувчи маҳсулотлар харид қилииш кўзда тутилган.

Кўргазмада намойиш этилиб, импорт қилинаётган маҳсулотлар намуналарини тадбиркорлик субъектлари томонидан ўзлаштириш бўйича Б2Б шаклида музокаралар олиб бориш ва ҳамкорлик битимлари тузиш жараёнларида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали мутахассислари томонидан амалий ёрдам кўрсатилди.

Таъкидлаш жоизки пандемия туфайли жаҳонда ишлаб чиқариш хажмларининг кескин пасайиши натижасида барча мамлакатларда иқтисодиётнинг оқсашига олиб келди. Ушбу мураккаб бир даврда маҳаллий саноат корхоналарини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш иқтисодий барқарорликка эришишнинг муҳим омили хисобланади. Шу ўринда, Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ҳузуридаги Электрон кооперация портали маркази томонидан амалга оширилаётган ишларнинг ўрни алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, Электрон кооперация портали маркази электрон тижоратда инновасион технологияларни жорий қилиш орқали ишлаб чиқарувчилар учун маҳсулотларини онлайн намойиш қилиш, буюртмачи ва етказиб берувчи ўртасида масофадан туриб шартнома қилиш ва тезкор молиявий операцияларни амалга ошириш имкониятларини яратди.

Мазкур тадбирларнинг барчаси албатта ҳудудлар, тармоқ корхоналари ва кичик тадбиркорлик субъектлари ўртасида кооперация алоқаларини ривожланишига кўмак беради ва келгусида мустахкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

Бугунги кунда, порталда жами 72 413 та корхоналар қамраб олинган, савдо қилинаётган маҳсулотлар сони эса 171 618 та етган. Ўтган 2020 йилда умумий қиймати 5 375,7 млрд. сўмлик 39 996 та ўзаро ҳамкорлик шартномалари тузилган.

Iqtisodiy taraqqiyot va kambag'allikni qisqartirish vazirligi

Axborot xizmati