Ўзбекистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига хизмат қиладиган Концепция муҳокамаси
28/08/2019 - 14:18 6806
Жорий йилнинг 24-28 март кунларида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Бирлашган Араб Амирликларига расмий ташрифи давлат бошқарувини такомиллаштириш, савдо-иқтисодий, инвестиция ва энергетика каби турли соҳаларда фаол амалий ҳамкорликнинг янги босқичларини бошлаб берди.
Мазкур ташрифнинг мантиқий давоми сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 24 июндаги 5480-сонли фармойиши билан Бирлашган Араб Амирликлари билан устувор йўналишларни амалга ошириш “Йўл харитаси” тасдиқланиб, унда белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш учун 18 та махсус ишчи гуруҳлар тузилди.
“Миллий стратегия” дастуридаги йўл харитаси доирасида белгиланган чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадида, 2019 йилнинг
28-29 август кунлари Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Бирлашган Араб Амирликлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар мутахассислари, маҳаллий илмий тадқиқот муассасалари тадқиқотчи олимлари иштирокида:
- "Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси" мавзусидаги давра суҳбати;
- "Ўрта ва узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини ишлаб чиқишда Бирлашган Араб Амирлиги тажрибаси" мавзусида семинар-тренинг (воркшоп) бўлиб ўтмоқда.
Бугун ушбулардан биринчиси, яъни “Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий комплекс ривожлантириш концепцияси” (кейинги ўринларда - Концепция) лойиҳасига тўхталамиз.
Маълумки, мазкур Концепция лойиҳаси Бирлашган Араб Амирликлари, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, БМТ Тараққиёт Дастури, Жаҳон банки, Осиё тараққиёт банки экспертлари, манфаатдор вазирлик ва идоралар, маҳаллий илмий тадқиқот муассасалари билан яқиндан ишлаш орқали такомиллаштирилиб келинмоқда.
Концепцияда белгиланган мақсадларга эришиш учун қуйидаги устувор йўналишлар амалга ошириш кўзда тутилган, жумладан:
1. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш;
2. Бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнини тезлаштириш;
3. Фуқароларнинг ижтимоий ҳимояси ва хизматини мустаҳкамлаш, демографик омилнинг ўсишини самарали иқтисодий ўсишга айлантириш;
4. Кучли бозор иқтисодиётида давлатнинг ролини такомиллаштириш;
5. Минтақавий омилдан самарали фойдаланиш;
6. Иқтисодий ўсиш ва таркибий ўзгаришларни таъминлашда аниқ мақсадли инвестиция сиёсатини олиб бориш;
7. Атроф-муҳитдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш.
Бундан ташқари, Концепция Ўзбекистон Республикасининг барқарор ривожланиш мақсадларида белгиланган тамойиллар ва вазифаларни тўлиқ қамраб олган.
Бугунги тадбирда юқорида номи келтирилган нуфузли халқаро ташкилотларнинг таклиф ва тавсиялари атрофлича ўрганилди ва тегишли хулосалар чиқарилди. Муҳими, тадбир иштирокчилари ҳақли равишда таъкидлаганларидек, ушбу Концепциянинг ишлаб чиқилиши тубдан янгиланаётган Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги мавқеини белгилашда ва уни юксалтиришда чуқур аҳамият касб этади.
Вазирлик Ахборот хизмати.