Маҳаллабай ишлаш тизими: Самарқанд вилояти тажрибасида
07/05/2021 - 10:11 4382
Бугунги кунда аҳоли даромадини янада ошириш ва бандлигини таъминлаш, шунингдек хотин-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишни жадаллаштириш ҳамда маҳаллий бошқарув органларини аҳолига янада яқинлаштириш, уларнинг муаммолари ҳамда мурожаатларини аниқлаш ва самарали ҳал этишда Самарқанд вилояти тажрибасида амалга ошириш мақсад қилиб олинди.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Самарқанд вилоятида эксперимент тариқасида маҳаллабай ишлаш тизимини жорий этишга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарори қабул қилинган.
Ушбу қарорга кўра, маҳаллабай ишлаш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб Самарқанд вилояти туман (шаҳар) ҳокимликлари тузилмасида қуйидагиларни назарда тутувчи “маҳаллабай” ишлаш тизимини эксперимент тариқасида ўтказиш назарда тутилган. Яъни:
– туман ҳокимлиги таъсисчилигида Маҳаллабай ишлаш маркази (кейинги ўринларда – Марказ)ни давлат муассасаси шаклида ташкил этиш ҳамда марказнинг фаолияти туман ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари томонидан мувофиқлаштириб борилиши, шунингдек туман (шаҳар)лардаги ҳар учта маҳаллага биттадан маҳаллабай ишлаш инспекторлари бириктирилиши таъкидланган;
– маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосари лавозимини жорий этиш ҳамда ушбу тайинловга мувофиқ ҳокимнинг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари билан маҳалла фуқаролар йиғини раисининг тадбиркорлик ва томорқа масалалари бўйича ўринбосарининг ўзаро узвий ҳамкорликда ишлаши режалаштирилган.
Бундан ташқари қарор белгиланганидек, Марказ фаолияти Самарқанд вилоятининг Пастдарғом, Ургут ва Булунғур туманларида жорий йилнинг 1 июнидан бошлаб ҳамда қолган туман (шаҳар)ларида эса 1 августга қадар ташкил этилиши кўзда тутилган.
Марказнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланмоқда:
– аҳолининг бандлигини ва доимий даромад манбаи билан таъминлаш орқали камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш;
– маҳаллабай ишлаш асосида тадбиркорликни ривожлантиришга кўмаклашиш ҳамда тадбиркорлик қилиш истагида бўлган фуқароларга, кредит ҳамда субсидиялар олишда кўмаклашиш;
– тизимни 2022 йилдан бошлаб ҳар йили дастурий таъминотни техник ва дастурий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги буюртманомасига асосан зарур маблағларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети харажатлари параметрларида назарда тутган ҳолда ажратиш;
– мазкур тажрибани таҳлил қилиб бориш мақсадида Самарқанд вилоятининг туман (шаҳар)ларидаги Марказ фаолиятини мониторинг қилиш гуруҳини шакллантириш;
– 2022 йил 1 январдан бошлаб ушбу тажрибани республиканинг бошқа ҳудудларида жорий қилиш мақсадга мувофиқлиги юзасидан таклиф киритиш.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Ахборот хизмати