Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази вакиллари билан видеоконференция шаклидаги учрашув

29/01/2021 - 15:06 12379

Жорий йилнинг 26 январь куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси ва Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази вакиллари иштирокида камбағалликни қисқартириш масалаларига бағишланган видеоконференция шаклидаги учрашув бўлиб ўтди.

Учрашувда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги камбағалликни қисқартириш департаменти директори – Илхом Маматкулов, Ўзбекистон Республикасининг Хитойдаги элчихонаси маслаҳатчи вакили – Ботир Турсунов, Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази бош директори ўринбосари – Ли Син, Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази илмий-тадқиқот бўлими директори ўринбосари - Сюй Липин хоним, Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази малака ошириш бошқармаси бошлиғи – Го Ян хоним, Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази тажриба алмашинув бўлими бошлиғи ўринбосари – Ли Линъи хоним ҳамда Хитой Халқаро камбағалликни қисқартириш маркази ҳамкорлик бўлими бошлиғи - Лу Люцюнлар иштирок этишди.

Учрашувда Илхом Маматкулов Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар, жумладан, камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилаётган чора-тадбирлар, мазкур йўналишда Хитойнинг тегишли вазирлик ва идоралари билан ҳамкорлик масалаларига тўхталиб ўтди.

Шу билан биргаликда, Сюй Липин хоним “Халқаро миқёсда камбағалликни қисқартириш” мавзусидаги тақдимоти билан иштирок этиб, унда қуйидаги асосий йўналишлар муҳокама қилинди:

сўнгги йилларда камбағалликни қисқартиришда Хитойда олиб борилган ислоҳотлар ва уларнинг амалий натижаси;

аниқ мақсадга йўналтирилган камбағалликни қисқартириш стратегиясини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш бўйича тавсиялар;

камбағал аҳолини аниқлаш мезонлари ва уларнинг мазкур ҳолатга тушиб қолиш сабабларининг комплекс таҳлили. 

Бундан ташқари, Го Ян хоним ҳозирги кунга қадар камбағалликни қисқартириш бўйича ташкил этилган ўқув курслари, унда хорижий мамлакатлар вакилларининг иштироки тўғрисида маълумот берди. Унга кўра, 2019 йилга қадар Марказ томонидан 159 та халқаро семинар ташкил этилган бўлиб, уларда 136 мамлакатдан 4 233 киши қамраб олинган. Ушбу курсларда 2008 йилдан буён 25 нафар Ўзбекистонлик мутахассислар ҳам қатнашган.

Видеоконференцияда Ли Линъи хоним Хитой томонидан камбағалликни қисқартиришда халқаро платформа яратиш борасида олиб борилаётган ишлар бўйича тақдимоти билан иштирок этиб, унда Африка, Америка ва Жануби-шарқий Осиё мамлакатлари уюшмаси (ASEAN) билан ҳамкорликда олиб борилаётган тадбирларни ёритиб берди.

Учрашув якунида томонлар қуйидаги йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш бўйича келишиб олдилар:

вазирлик ва Марказ ўртасида ўзаро Англашув Меморандумини имзолаш;

камбағалликни қисқартириш бўйича Марказнинг мутахассислари томонидан доимий тарзда семинар-тренинглар ташкил этиш;

ишлаб чиқиладиган концептуал ҳужжатларни ўзаро ҳамкорликда тайёрлаш ва уларга Марказ экспертларини жалб этиш, жумладан, “2030 йилгача камбағалликни қисқартириш стратегияси” лойиҳаси муҳокамасига бағишланган давра суҳбатида Марказ вакилининг тақдимоти билан иштирок этишини таъминлаш.

Iqtisodiy taraqqiyot va kambagʻallikni qisqartirish vazirligi

 Axborot xizmati