ОНА ТИЛИМИЗ – ЎЗЛИГИМИЗ БАЁНИ
22/01/2021 - 17:33 6465
ОНА ТИЛИМИЗ – ЎЗЛИГИМИЗ БАЁНИ
Дебоча
Қанча кўп тил билсангиз, шунча яхши. Бироқ одам она тилида тафаккур қилади, она тилида туш кўради, она тилида йиғлайди.
Ўткир Ҳошимов
Дунёда ҳар бир нарсанинг ўзаги, мағзи бўлади. Инсоният моҳиятини унинг яратувчанлиги, мустаҳкам иродаси, дин-у диёнати, бошқаларга холис ёрдамга келиши, бошига офат-ғам тушганида ҳамдардлик билдириши, шодлигига шерик бўлиши, меҳр-оқибати, оддий қилиб айтганда, гўзал маънавий олами ташкил этади. Ушбу маънавий олам эса латиф сўз, яъни она тили орқали баён этилади. Шу маънода, биз – ўзбек халқи бу борада дунё ҳамжамиятида бахтли, тилининг келажаги бор миллатлардан саналамиз.
Шу билан бирга, бугунги глобаллашув, техника тараққиёти шунчалик жадал ривож топмоқдаки, оқибатда дунёда мавжуд (статистик маълумотларга қараганда, тахминан етти мингдан зиёд) тиллардан аксарияти бир-бирига қўшилиб, бирикиб, ёки бўлмаса, аста-секин йўқ бўлиб кетиш арафасида турибди.
Маълумот учун:
Дунёдаги етти мингдан зиёд тиллардан 14 тасида башариятнинг учдан икки қисми гаплашади. Бу тилларнинг ҳар бирида сўзлашадиганлар сони эса 50 миллиондан зиёд. Дунёдаги 70 тилда гаплашадиганлар 5 миллиондан кўп бўлса, қолган тилларда мулоқот қиладиганлар 1 миллиондан кам.
Ваҳоланки, ЮНЕСКО томонидан эълон қилинган “Йўқолиш арафасида турган дунё тилларининг атласи”да таъкидланишича, Европадаги 50 та, Тинч океани ҳудудидаги 2000 та, Африка қитъасидаги 250 та тил ҳалокат арафасида турибди. Асримиз охирига бориб, ҳозирда мавжуд бўлган тилларнинг тенг ярмини йўқолиб кетиши мумкинлиги тахмин қилинмоқда. Бундай вазият эса, ўз навбатида, биз – ўзбеклар ва ўзбек тилида сўзлашадиган инсонлар зиммасига залворли вазифаларни юклаши тайин.
Шу ўринда бир лирик чекиниш: қадимда буюк донишмандлардан бири шундай деган экан. “Илм тўрт хил бўлади: фиқҳ(шариат) – диёнат учун, тиб – соғлиқ учун, юлдузларни ўрганиш – вақт ҳисоби учун, тил қонун-қоидалари – сўзлашув учун”.
Шу маънода, биз, аввало ўзимиз, яъни шу масалага мутасаддилар, она тилимиз қонун-қоидаларини пухта ўзлаштирсаккина ва ўзбек тилимизнинг қон томиримиздек бизга яқинлигини теран англасаккина, бу тилни бошқалар ҳам ҳурмат қила бошлайди, бу тилни билишга қизиқадиганлар кўпаяди. Қарабсизки, аста-секин тилимиз мавқеи бошқа миллат ва элатлар назарида ҳам ортиб боради.
Шу ўринда бир гап. Бугун кўпгина интернет тармоқларида корейс, япон, хитой, немис, француз миллатига мансуб ёшларнинг ўзбек тилини билишга бўлган иштиёқини кўриб, қандайдир ички руҳий таскинлик ҳам сезасан, киши. Ростданам-да, қаранг, уларнинг гўзал талаффузини, чиройли гапиришларини, фикрини теран баён қилишларини...
Маълумот учун:
https//uz.m.wikipedia.org˃wiki˃uzbeki сайтида дунёда ўзбекларнинг сони 50 миллиондан ортиқ экани кўрсатиб ўтилган ва нуфузи 32-ўрин деб белгиланган.
Ҳа, дунё Ўзбекистон ва ўзбеклар томон интилишни бошлади. Биз ўзбеклар, шунчаки халқ эмас, балки кўп минг йиллик тириклик синовидан ўтган, тили, маданияти, санъати асрлар оша сайқалланган ва бошқаларга ибрат бўла оладиган бунёдкор халқ сифатида бундай буюк ташрифни муносиб кутиб олмоғимиз лозим.
Демак, она тилимиз ва ушбу муборак тилда сўзлашувимиз бизга ўзлигимизни баён этишга асос бўларкан, бу талатўп жараёнларда ўз тилимизни асраб-авайлашимиз, унинг такомиллашуви йўлида фидойиларча меҳнат қилишимизни зарурият қилиб қўймоқда. Бу зарурият ҳар бир Ўзбекистон фуқаросининг муқаддас вазифасига айлангандагина, ўзининг серҳосил меваларини бера бошлайди.
Обиддин Маҳмудов,
Ахборот, таҳлил ва коррекциялаш бўлими бошлиғи.