Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманини 2020 – 2022 йилларда комплекс ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди

04/12/2020 - 11:49 7463

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил

21 сентябрдаги “2020 – 2022 йилларда Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 572-сон қарори қабул қилинди.

Қарорнинг мақсади Фарғона вилоятининг Тошлоқ туманида камбағал оилаларнинг яшаш шароитларини тубдан яхшилаш, улар учун муносиб меҳнат шароитини яратиш ва бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагидаги аҳолини қўллаб-қувватлаш, уларни касб-ҳунарга ўқитиш ва қайта тайёрлаш, уй-жойга муҳтожлар талабини қондириш, шунингдек, муҳандислик-коммуникация ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш чора-тадбирларини амалга оширишдан иборат.

Қарорда тумандаги аҳоли бандлиги даражасини ошириш ҳамда ишсизлик даражасини пасайтириш мақсадида тадбиркорликни ривожлантириш, саноат, хизмат кўрсатиш ва қишлоқ хўжалиги тармоқларини жадал ривожлантириш, муҳандислик-коммуникация, хусусан ичимлик сув ва канализация тармоқларини қуриш, автомобиль йўллари ва ички кўчалар ҳолатини яхшилаш, шунингдек, кўп квартирали уй-жойлар қуриш, ижтимоий соҳа муассасалари ҳолатини яхшилаш, уларни замонавий жиҳозлар билан таъминлаш, мутахассислар малакасини ва хизмат кўрсатиш маданиятини ошириш ҳамда бу соҳада хусусий сектор улушини кўпайтириш, суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ва оборотдан чиққан ерларни ўзлаштириш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришни жадал ривожлантириш, камбағал хонадонларига субсидия ажратиш асосида енгил конструкцияли иссиқхона хўжаликлари барпо этиш ва хунармандчилик йўналишида янги иш ўринлари ташкил этиш тадбирлари назарда тутилган.

Жумладан, умумий қиймати 554,8 млрд.сўмлик инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш, 182,7 млрд.сўмлик муҳандислик-коммуникация тармоқларини ривожлантириш ҳамда 157,4 млрд.сўмлик ижтимоий соҳа объектларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш каби тадбирларни амалга ошириш белгиланган.

 

 

 

Иқтисодий тарққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати