Ўзбекистоннинг ютуқлари Бутунроссия халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ)да намойиш этилади

25/06/2019 - 15:39 5086

2019 йилнинг 30 майида Ўзбекистон ва Россия ҳукуматлари раҳбарлари даражасидаги Ҳамкорлик комиссиясининг Биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур йиғилиш доирасида Москва шаҳридаги Бутунроссия Кўргазма маркази ҳудудида икки томонлама музокаралар олиб боришнинг ҳуқуқий асосини шакллантирувчи Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Россия Федерацияси Ҳукумати ўртасида “Ўзбекистон Республикасининг Кўргазма-маданий маркази” экспозиция марказини ташкил этиш тўғрисида битим имзоланди.Маълумки, сўнгги пайтларда, айниқса жорий йил давомида Россия пойтахтида Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги вакиллари ҳамда икки мамлакатнинг манфаатдор вазирликлари ва муассасалари иштирокида Бутунроссия халқ хўжалиги ютуқлари кўргазмаси (ВДНХ) ҳудудида ташкилий, молиявий ва бошқа аспектларни инобатга олинган ўзбек павильонини ташкил этиш билан боғлиқ қатор йиғилишлар бўлиб ўтди.

Тегишли барча жиҳатлари инобатга олинган ҳар томонламали учрашувлар натижасида жорий йилнинг 24 июнь куни Москва шаҳрида Россия пойтахти мэрияси ва Тошкент шаҳри ҳокимлиги ўртасида мазкур павильон ва унга тегишли бўлган ер участкасини ижрага олиш тўғрисида битим имзоланди.

Айни пайтда павильоннинг ички қисми ва ташқи кўринишларини реставрация қилиш ҳамда таъмирлаш ишлари якунланиши арафасида, павильон Ўзбекистон Республикасига тантанали топширилиши кутилмоқда.

Вазирлик ахборот хизмати