ИШ ЮРИТИШ: ИМЛОВИЙ ХАТОЛИКЛАР ТАҲЛИЛИ
27/01/2022 - 11:43 2298
Ҳар қандай миллатнинг тили ҳақида сўз борганда, унинг имлосига ва саводхонлик даражасига қараб баҳо берилади. Айниқса, ўз тилини бехато ва соф ҳолида ишлатаётган авлоднинг маънавий бойлигига алоҳида урғу берилади. Шу жумладан, ҳар қандай бойлик ҳимояга, қўриқлашга муҳтож ва зарурдир. Шунингдек, тил ҳам қадрланиши ва эъзозланиши миллатнинг юзи демак. Акс ҳолда тилни ҳар ким хоҳлаганича сўзлаш, унинг имло қоидаларига эътибор бермай ишлатиш эса, саводсизлик даражасини оширса оширадики, асло камайтирмайди.
Бугунги кундаги ўзбек тили бошидан ўтказаётган жараён алғов-далғовли, мавҳумликлар кўп. Улоқни тортган кўпкарилардек, тил қоидасини ҳам ҳар ким ўзи билганича “бузиб” ёзишга уринишлар урчимоқда ва учрамоқда. Бу эса аянли ҳолат. Инсон ўз фикрини айтмоғи ёки изҳор этмоғи учун тил қоидаларидан, уни қўллаш услубларидан хабардор бўлмоғи лозим. Чунки, хоҳ у тадбиркор бўлсин, хоҳ у деҳқон бўлсин. Умри давомида барибир бирон сабаб иш ҳужжати ёзишга тўғри келади. Масалан, тилхат ёки тушунтириш хати, ишончнома каби.
Энди давлат идораларига келадиган бўлсак, ўзаро иш юритишда иш қоғозларисиз иш бўлмайди. Мазмунан ва шаклан, ҳажман ҳар хил бўлган ҳужжатлар кишилик жамиятининг асосли қоғози саналиб, ўзаро келишувларни, мулоқотни ёзувда акс эттириб, уни тартибга солиб туради.
Бугунги кунда вазирликлар ёки давлат ташкилотлари, борингки, жамики идораларнинг ёзишма ҳужжатларида хатоликлар, ноаниқликлар мавжуд. Давлат тилида иш юритишда шундай деб атаган бўлардим, жуда кўп мунозарали ҳолатларга дуч келамиз. Бу борада энг кўп мурожаат қиладиган ҳужжат бу — Хат. Яъни, бир ташкилотнинг бошқа идорага ёки жисмоний шахсга жўнатган расмий номаси. Хат сўзининг маъносига қарайдиган бўлсак, бу сўз арабча бўлиб, бирор кишидан иккинчи кишига ёзма шаклда йўлланган матн, муайян маълумотларни ўз ичига олган ёзувдир. Шунингдек, хат худди мурожаат этиб “юқоридан” деган маънони билдирувчи мактуб, нома деб ҳам юритилади. Бинобарин, шундай экан, хатни ёзишнинг ҳам ўз қонун-қоидаси бор, албатта. Вазирликлар, турли ташкилот ва идоралар бир-бирига тез-тез хат билан мурожаат этиб туришади. Ана шу хатларда энг кўп кузатиладиган хатолардан бири – ҳурмат билан, ҳурмат ила, эҳтиром билан, эҳтиром ила каби сўзлардан кейин вергул ишлатиш.
Рус тилидаги хатларда “С уважением” бирикмасидан кейин уларда вергул (,) қўйилади.
Ўзбек тили имло қоидаларига кўра, кирилл ва лотин алифбосида вергул ишлатилмайди. Масалан, Ҳурмат билан
Ўқув ишлари бўйича муовин К. Жамолиддинов
Ёхуд
Эҳтиром ила
бўлим бошлиғи К. Олимова.
Тўғри, мустақилликка эришгунимизга қадар сўзимиз, тилимиз бир қадар қадрсизланди. Аксарият сўзларни рус тилидан олиб, ўзлаштирдик.
Бироқ, таржимасини қўллаганда имло қоидаси билан кўчириб олиш керак дегани эмаску! Ахир, ўзбек тилига таржима қилиндими, демак сўзга нисбатан ўзбек тилининг имло қоидасини қўллаш керак, холос!
Кейинги муҳим масалалардан бири, бу — иш ҳужжатларида келишик қўшимчаларининг нотўғри қўлланилиши. Мисол учун, кимдир “китобни ўқилиши”, дейилса, биров “Китобнинг ўқилиши” каби ҳолатлар бошқа сўзларни қўллашда ҳам мантиқий ғализликка олиб келиши кўп учрамоқда.
Аслида ўзбек тилининг грамматик қоидасига кўра, -НИ қўшимчаси фақат от+феъл ва унинг шакллари билан боғланиб келади. Китобни ўқимоқ каби. Тўғри бир қарашда -нинг қўлласа ҳам бўлади, нима шунга шунча ота гўри қозихонами дейиш мумкин, аммо бу каби “бўлаверади”лар эвазига тил савиясининг тушиб кетиши, пастга қараб шўнғишига жимгина қараб тура олмаймиз-ку!
Эътибор берган бўлсангиз, кейинги вақтларда ҳужжатлардаги сўз бирикмаларининг орасига чизиқча қўйиш урф бўлмоқда. Бу сўз бирикмалари, айниқса, иқтисодий ҳисоботларда кўп учрайди.
Мисол учун тўғридан-тўғри ҳисобрақамларни “музлатиш”.
Бу жумлада чизиқча нотўғри қўлланилди. Тўғридан тўғри. Чизиқча бўлмайди.
✅ Тўғридан тўғри ❌Тўғридан-тўғри
✅ Кундан кунга ❌ Кундан кунга
ва ҳоказо.
Ўзбек тилининг асосий имло қоидаларида келтириб ўтилганидек, йилдан йилга, томдан томга, ойдан ойга каби сўз бирикмасининг биринчи сўзи -чиқиш келишиги қўшимчаси -дан билан, иккинчи қисми жўналиш келишиги (-га) қўшимчаси бўлган бирикмалар ажратиб ёзилади, бироқ бу чизиқча қўйилади дегани эмас.
Хўш, унда қайси сўзлар чизиқча билан ёзилади, деган саволга жавоб бериш учун имло қоидасининг 53-бандини келтириб ўтамиз.
- Сўзнинг -ма, ба- ёрдамида бирлашган қисмлари чизиқча билан ёзилади: Мисол учун, Кўчама-кўча, уйма-уй, дам-бадам ва ҳоказо.
Энди яна бир мунозарали ҳолатга ойдинлик киритайлик.
Иш жараёнида ҳужжатларда шахснинг лавозими, илмий даражаси, унвони тўлиқ кўрсатилиши керак бўлиб қолади. Кўпчилик бу борада чалкашади. Хўш, унинг ёзилиш қоидаси ва тартиби қандай?
Лавозим, илмий унвон ва илмий даража: ёзилиш тартиби
Илмий унвон ва илмий даражани кўрсатишда ҳужжат қаерга жўнатилаётганига қараб ёзилади.
Агар, хат охирида имзо қўйилаётганда:
Институт директори С. Бердиев
каби ёзилади. Уни мураккаблаштириш керак эмас.
Илмий даража, унвон ёзилиши шарт эмас.
Аммо бирор илмий иш ёки бадиий асарга тақриз ёзганда, тақризда ёзувчининг лавозими, кейин илмий даражаси, унвони қўйилади. Масалан, саҳифанинг ўнг четига:
Ёрқинжон Одилов,
Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институти бўлим мудири,
филология фанлари доктори, профессор
Тил борасида, уни қўриқлашда, тўғри ёзиш қоидаларини оммага тадбиқ этишда расмий ҳужжатлар тилининг аҳамияти юқори туради. Сабаби, барча шу ҳужжатларга таяниб иш кўради, юритади. Шундай экан, юқори турувчи давлат идоралари, ташкилотларда иш юритишда бу каби хатоликларга йўл қўймаслик зарур. Ахир, ёзув масаласи, миллат кўзгуси. Уни халққа қандай тортиқ этсак, шундай тарзда саводхонлик тафаккуримиз ривожланади, такомиллашади. Аксинча бўлса, “тил” ич-ичидан емирилиб боради.
Тил ва ёзув масаласида ана шу “емирилиш”дан сақланайлик. Тил ва нутқнинг шаклий ифодаси бўлган ёзув, имло қоидаси давлат бошқарувида, тараққиётида ўта муҳим аҳамият касб этувчи дастур ҳисобланади. Шу дастурни мукаммал даражада, устуворлик жиҳатлари билан биргаликда халқимизга тортиқ қилайлик.
Ойгул Кажанова,
Ахборот, таҳлил ва ҳужжатларни коррекциялаш бўлими ходими