Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар бошланди
07/08/2019 - 11:21 24203
Аввал хабар бериб ўтганимиздек, бугун Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлигида Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ овқат саноатини янада ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган амалий семинар бўлиб ўтмоқда.
Амалий семинар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 27 июлдаги ПҚ-4406-сонли "Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш ва озиқ-овқат саноатини янада ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорини амалга ошириш билан боғлиқ масалаларни муҳокама қилиш мақсадида ташкил этилган.
Шу мақсадда амалий кўргазмали семинарга мутасадди ташкилот ва идоралардан ташқари соҳада фаолият кўрсатиб келаётган тадбиркорлар ва ишбилармонлар таклиф қилинган. Семинарда Президент Администрацияси масъуллари, Президент маслаҳатчиси, Бош вазир маслаҳатчиси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этмоқдалар.
Шунингдек, семинарда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари в.в.б. Зоря Сергей ҳамда Осиё Тараққиёт банкининг Ўзбекистондаги раҳбари Синди Мальвичини Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ва режалаштираётган лойиҳалари тўғрисида ўз маърузалари билан иштирок этишмоқда.
Семинар Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори моҳиятини масъулларга етказиш ҳамда тадбиркорлар ва ишбилармонлар билан амалий тарзда савол-жавоб кўринишда олиб борилмоқда.
Семинар давомида тадбиркорлар ва деҳқон-боғбонлар томонидан ўзлари дуч келаётган, жумладан соҳа бўйича тизимли муаммолар айтилди: маҳсулотлар экспортини амалга оширишдаги муаммолар, логистика, ер ажратиш, инфратузилма, мелиорация масалаларидаги муаммолар ва уларнинг ечимлари бўйича таклифлар берилди.
Тадбиркорлар ва деҳқон-боғбонлар томонидан айтилган муаммолар ва уларнинг ечимлари тўғрисидаги муҳим ва ўринли таклифларини инобатга олган ҳолда тегишли вазирлик ва идораларга тезкор равишда ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича аниқ топшириқлар берилди.
Шунингдек, Фарғона вилояти "Paradise Garden Fruit" МЧЖ раҳбари Адҳамжон Абдураҳмонов Кооперация бирлашувини жорий қилиш бўйича ўтказилган тажриба-синовларнинг ижобий натижалари ва муаммолари ва уларнинг ечимлари тўғрисида берган ўринли ва муҳим таклифларини инобатга олган ҳолда уни Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг экспортни такомиллаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси этиб тайинлаш тавсия этилди.
Ахборот хизмати