Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Қўшма Мувофиқлаштирувчи Кенгашининг йиғилиш бўлиб ўтди
14/07/2021 - 10:20 4086
Жорий йилнинг 13 июль куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Бирлашган Миллатлар Ташкилоти вакиллари билан ҳамкорликда 2021-2025 йилларга мўлжалланган БМТнинг барқарор ривожланиш бўйича ҳамкорлик юзасидан Доиравий дастурни амалга ошириш бўйича Қўшма Мувофиқлаштирувчи Кенгашнинг 1-йиғилишини ташкил этилди.

Йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазирлик департамент директорлари Илҳом Маматкулов ва Мирюсуп Умаров, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари, шунингдек, БМТ, БМТТД, ЮНИСЕФ, Япония элчихонаси ва бошқа Ўзбекистондаги халқаро ташкилотлар ва дипломатик консулликлар вакиллари иштирок этишди.

Ушбу йиғилишда кўтарилган асосий масалалар БМТ ва Ўзбекистон ўртасидаги 2020 йилга мўлжалланган ҳамкорлигининг асосий натижаларини муҳокама қилиш, БМТ жамоасининг 2021-2022 йилларга режалаштирилган натижаларини мувофиқлаштириш ва тегишли Қўшма иш режаларини тасдиқлаш масалалари бўлди. Бундан ташқари, йиғилиш давомида ҳамкорлик Доирасининг таклиф этилган бошқарув тузилмаси кўриб чиқилди ва тасдиқланди, шунингдек, 2021-2025 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик Доирасининг узоқ муддатли молиялаштириш асослари кўриб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, йиғилишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов сўзга чиқди. Ўз маърузасида пандемиядан кейинги даврда республиканинг ижтимоий-иқтисодий тикланишини тезлаштиришда БМТнинг етакчи ролини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бундан ташқари, БМТнинг жаҳон амалиёти ва инновацион ишланмалари асосида инсон капиталини ошириш, камбағалликни қисқартириш стратегиясини амалга ошириш каби масалалар ва бошқа соҳаларда янада ҳамкорлик қилишга келишиб олинди.

Ушбу йиғилишда халқаро ташкилотлар вакиллари, хусусан, Хелена Фрейзер (БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори), Матилда Димовска (БМТТД Ўзбекистондаги доимий вакили), Мунир Маммадзаде (Юнисефнинг Ўзбекистондаги доимий вакили) ҳам сўзга чиқишди. Ўз нутқи давомида иштирокчиларнинг ҳар бири Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг стратегик устувор йўналишлари ва 2021-2025 йилларга мўлжалланган якуний натижалар ҳамда кўп йиллик молиялаштириш асосларини тақдим этдилар.

Йиғилиш натижасида ҳамкорлик асослари дастурини амалга оширишда самарали ютуқларга эришишни назарда тутувчи бир қатор концептуал ҳужжатлар тасдиқланди. Хусусан, ҳукумат томонидан мувофиқлаштирувчи кенгаш таркиби, БМТ жамоасининг иш режалари, шунингдек, ишчи ва техник гуруҳлар таркибини тасдиқлаш масалалари кўриб чиқилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Ахборот хизмати