2021 йилда Навоий вилоятида камбағалликни қисқартириш бўйича амалга оширилган ишлар натижадорлиги тўғрисида тақдимот

22/06/2021 - 17:02 4314

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигида жорий йилнинг вазирлик биносида Навоий вилояти Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш бош бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Камолиддин Нурмуродов томонидан ўтган давр мобайнида ҳудудни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида амалга оширилган ишлар натижалари юзасидан тақдимоти ўтказилди.

Тадбир видеоконференц алоқа форматида ташкил этилиб, унда вазирлик марказий аппарати ходимлари ҳамда вазирликнинг ҳудудий бўлинмалари вакиллари иштирок этиб ўз таклиф ва саволларини тақдим этдилар.

Тақдимотда ҳудуднинг макроиқтисодий кўрсаткичлари, туман (шаҳар)ларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолати бўйича тоифаларга ажратилиши, “маҳаллабай” ишлаш тизими асосида олиб борилган ишлар, 2021 йилда ҳудудларда камбағалликни қисқартириш бўйича тасдиқланган чора-тадбирлар дастурининг бандлари ижроси таҳлил қилиниб, йўналишлар бўйича олиб борилган ишлар муҳокама қилинди. Жумладан:

Ҳудуднинг жорий ҳолатдаги макроиқтисодий кўрсаткичлари таҳлил қилиниб, шу асосида ушбу кўрсаткичларнинг кутилиши, прогноз параметрлари, бажарилмаслигига таъсир қилувчи хавф-хатарлар (рисклар) тўғрисида маълумот берилди;

Шунингдек, вилоятда ҳудудларнинг статистик кўрсаткичлари, тадбиркорлар ҳамда аҳоли ўртасида ўтказилган сўровнома натижаларига кўра ҳудудларнинг дастлабки рейтинг кўрсаткичлари шакллантирилди. Дастлабки маълумотларга кўра, ҳудудлар қуйидагича баҳоланди:

Яшил ҳудудлар – Навои шаҳри ҳамда Томди тумани;

Сариқ ҳудудлар – Зарафшон шаҳри, Конимех, Қизилтепа, Навбахор, Кармана, Нурота туманлари;

Қизил ҳудудлар – Ўчқудуқ ва Хатирчи туманлари.

Якуний натижалар чиққанидан сўнг, қизил ҳудудларни ривожлантириш бўйича Хатирчи туманида узумчилик хўжаликларини ташкил этиш ва кунгабоқар ўсимлигини экиш, Учқудуқ туманида эса темир, аёллар ва ёшлар дафтарларига киритилган фуқароларни ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида  янги лойиҳаларни амалга ошириш ва каолин хомашёсидан унумли фойдаланиш борасида алоҳида дастур ишлаб чиқилиши режалаштирилган.

Бундан ташқари, “маҳаллабай” ишлаш натижасида 1048 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Келгусида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш сохасида 76 та лойиҳалар амалга оширилиши режалаштирилган.

Қолаверса, эҳтиёжманд аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш, тадбиркорликка жалб этиш, ташаббус ва ғояларини амалга оширишга кўмаклашиш мақсадида Навоий вилоятда “темир дафтар"га киритилган оилаларни камбағалликдан чиқариш юзасидан Ижтимоий химояга муҳтож оилаларга 27,1  млрд. сўмлик Саҳоват ва кўмак жамғармаси ҳамда ҳомийлик маблағлари ҳисобидан ёрдамлар кўрсатилди.

Шунингдек, тижорат банклари томонидан оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида ажратилган кредитлар таҳлили ва янги иш ўринлари яратиш орқали ишсиз аҳоли бандлигини таъминлаш борасида эришилган натижаларга кўра бўш иш ўринларига жойлаштирилди, имтиёзли кредитлар ажратилди.

Бундан ташқари Навоий вилоятида тадбиркорликни ривожлантириш бўйича кўрилган чораларнинг асосий натижалари ва амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалари ва келгусида яратиладиган янги иш ўринлари тўғрисида ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

Тақдимот сўнггида, вазирлик ва вилоят бош бошқармалари вакиллари ҳудудларни ижтимоий иқтисодий ривожлантириш ва камбағалликни қисқартириш борасида келгусида амалга оширилиши кўзда тутилаётган ишларни белгилаб олдилар.

 

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги

Ахборот хизмати