“Мерос” жамғармаси вакиллари билан учрашув (АҚШ)
12/07/2021 - 18:31 4133
Жорий йилнинг 12-июль куни Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов “Мерос” жамғармаси (AҚШ) делегацияси вакиллари, Халқаро савдо ва иқтисодиёт маркази директори Терри Миллер ва “Иқтисодий эркинлик” индексининг муҳаррири ва тадқиқот раҳбари Энтони Ким билан учрашди.

Шунингдек йиғилишда Вазирликнинг Интеграция ва икки томонлама иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш департаменти, "Бизнес юритиш" ва бошқа халқаро рейтинглар билан ишлаш бошқармаси масъул ходимлари ҳамда Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти директори Умид Абидходжаев бошчилигидаги вакиллар иштирок этди.
Муҳокамаларнинг асосий мавзуларидан бири Ўзбекистоннинг “Иқтисодий эркинлик индекси - 2021” ҳисоботидаги эришган натижалари бўлди. Меҳмонларга Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, молия самарадорлиги, ер ислоҳотлари, савдо, инвестиция ва бошқа йўналишлар ҳақида маълумот берилди.

Учрашув давомида америка вакиллари томонидан Ўзбекистон иқтисодиёт ва ЯИМ бўйича энг тез суръатлар билан ўсиб бораётган мамлакатларидан бири эканлиги ҳамда шу билан мазкур индекс кўрсаткичларининг жадал ўсиши алоҳида қайд этилди. Ўзбекистонда давлат тасарруфидаги корхоналарни хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларга меҳмонлар томонидан алоҳида қизиқиш билдирилди.

Ўзбекистон томони 2021 йилнинг 29-30 сентябрь кунлари ўтказилиши белгиланган “Ўзбекистон: иқтисодий ислоҳотлар сарҳисоби ва истиқболи” мавзуидаги халқаро конференцияда иштирок этиш учун “Мерос” жамғармаси эксперталарини таклиф қилди.
Учрашув якуни бўйича томонлар ҳамкорликни янада кенгроқ шаклда амалга ошириш борасида келишиб олдилар.
Ахборот хизмати
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги