“Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (“ex-ante”) баҳолаш усули, ҳисобот ва хулоса тайёрлашнинг ўзига хос хусусияти” мавзусида онлайн семинар
02/07/2021 - 15:38 4607
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакиллари ҳамда Монополияга қарши курашиш қўмитаси вакиллари билан биргаликда Aдлия вазирлигида давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимлари учун норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказишнинг моҳияти ва тартибини тушунтириш мақсадида “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини (“ex-ante”) баҳолаш усули, ҳисобот ва хулоса тайёрлашнинг ўзига хос хусусияти” мавзусида онлайн семинар бўлиб ўтди.

Мазкур семинарда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш ва рақобат муҳитига таъсирини баҳолаш бошқармаси ходимлари “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан амалга оширилаётган ишлар юзасидан маълумот ҳамда мазкур соҳада тегишли фойда ва харажатларнинг тўғри таҳлил қилиниши борасидаги амалиёти” масалаларига бағишланган маъруза билан иштирок этдилар.

Хусусан, маъруза доирасида Бошқарма йил бошидан ҳозиргача жами 773 та ҳужжат лойиҳаларини кўриб чиқиб, улар юзасидан тадбиркорлик фаолиятига салбий таъсир кўрсатувчи нормаларни бартараф этиш юзасидан таклифлар берганлиги, бунда, уларнинг 372 таси aпрел - мaй ойига тўғри келиб, шундан 82 таси бўйича тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш лозимлиги юзасидан хулосалар тақдим этилганлиги таъкидланди.

Шунингдек, маъруза давомида Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги вакиллари вазирликка киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказишда амалга оширилган таҳлиллар ва ўрганишлар якуни бўйича фойда ва харажатларни ҳисоблашнинг аниқ шакллантирилган маълумотлари асосида норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг тадбиркорлик субъектларига таъсирини баҳолаш амалиётлари юзасидан тақдимотлар намойиш этилди.
Ушбу семинарда тегишли вазирлик ва идораларнинг мазкур соҳага масъул ижрочи ҳисобланган жами 117 тага яқин тингловчилар иштирок этишди.
Семинар сўнгида, ушбу тадбир қатнашчилари томонидан тартибга солиш таъсирини баҳолаш соҳасида берилган саволларига тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирилди ҳамда бу йўналишдаги семинар ҳамда давра суҳбатлари доимий тарзда ташкиллаштриш борилишига келишилди.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги
Ахборот хизмати